Тошкент шаҳрида 14 сентабрь, сешанба куни Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди. Унда истеъмолчиларга етказилган қанча зарар қоплаб берилгани айтилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2020–2021 йилнинг биринчи ярмида истеъмолчиларнинг 37 036 та мурожаати кўриб чиқилиб, 9,6 миллиондан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, уларга етказилган 184,9 миллиард сўм зарарни қоплаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Таъкидланишича, унинг 133 миллиард сўми қоплаб берилган.

Қайд этилишича, 143 номдаги маҳсулотнинг назорат хариди амалга оширилиб, ўтказилган экспертиза натижасида 35 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги аниқланган. Шунингдек, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан 10 та маҳсулотга берилган мувофиқлик сертификати бекор қилинган.

Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини аниқлаш ва баҳолаб бориш мақсадида 5 та соҳада (транспорт, савдо, алоқа, тиббиёт, қурилиш) 19,5 минг нафар аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилиб, билдирилган фикр ва таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқлари энг кўп бузилаётган соҳалар эълон қилингани ва «Uzbekistan Airways»нинг салкам 196 миллион сўмлик чипталари истеъмолчиларга қайтариб берилгани маълум қилинганди.