АОКАда 14 сентябрь, сешанба куни «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда 2021 йилда қурилиш материаллари соҳасида нечта янги лойиҳа ишга туширилиши айтилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2021 йилда қурилиш материаллари соҳасида жами 306 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш ва 1625 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. 

«Ўзсаноатқурилишматериаллари уюшмаси бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида 872 миллион долларлик 39 та лойиҳа белгиланган. 2021 йилнинг ўзида 327,6 миллион доллар ўзлаштириш кўзда тутилган. Бу лойиҳаларни молиялаштиришга 101 миллион доллар ташаббускорлар маблағи, 11,6 миллион доллар тижорат банкларининг кредитлари ва 215 миллион доллар хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар йўналтирилади», — дейди у.

Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ҳудудий инвестиция дастурлари бўйича 2021 йилда қурилиш материаллари соҳасида жами 806 та лойиҳа бўйича 7 триллион 580 миллиард сўм ўзлаштириш белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилгани ва Ўзбекистон 2021 йилда қурилиш моллари экспортидан қанча фойда кўргани айтилганди.