Ўзбекистонда «Аёллар дафтари»га киритилганларнинг қанчасига кредит берилгани маълум бўлди
АОКАда 15 сентабрь, чоршанба куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда «Аёллар дафтари» киритилган қанча аёлга кредит берилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, «Аёллар дафтари»ни шакллантириш бўйича 450 970 нафар хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича 296 490 нафари рўйхатга киритилган.
Қайд этилишича, ҳозирги кунга қадар «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилган:
- 78 658 нафар хотин-қиздан 56 793 нафарининг бандлиги таъминланди;
- 17 393 нафар хотин-қиздан 11 002 нафари касб-ҳунарга ва ҳаётга руҳлантириш (мотивация бериш) бўйича ўқитилди;
- 19 716 нафар хотин-қиздан 16 017 нафарига томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди;
- 28 589 нафар хотин-қиздан 12 601 нафари тадбиркорликка жалб этилди ва уларга кредит олишга кўмаклашилди;
- 38 774 нафар эҳтиёжманд хотин-қиздан 35412 нафарига моддий ва мурувват ёрдамлари кўрсатилди;
- 1759 нафар нотурар жойларда яшаётган хотин-қиздан 946 нафарига ижара тўловлари тўлаб беришда амалий ёрдамлар кўрсатилди;
- 37 387 нафар 1–2 гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг 34 689 нафарига моддий ва мурувват ёрдамлари кўрсатилди;
- 12 997 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд аёлларнинг 11 709 нафарига моддий ва мурувват ёрдамлари кўрсатилди;
- 976 нафар уй-жой таъмирига мухтож 1- гуруҳ ногирони бўлган хотин-қиздан 373 нафарига уй-жойларини яхшилаш учун амалий ёрдамлар кўрсатилди;
- 117 555 нафар хотин-қизлардан 106 378 нафарига манзилли тиббий ёрдам кўрсатилди;
- 49 362 нафар хотин-қизлардан 48 588 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди;
- 47 799 нафар хотин-қизлардан 47 549 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди.