Янгиликлар - 17:22 · 15.09.2021

Ўзбекистонда қанча оила «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»дан чиқарилгани айтилди

АОКАда 15 сентабрь, чоршанба куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қанча оила «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»дан чиқарилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, «Темир дафтар» рўйхатига деярли 600 минг оила киритилган. Таъкидланишича, аксариятининг мавжуд муаммолари бартараф этилгани боис 564 612 та оила ундан чиқарилган. Ҳозирда «Темир дафтар»даги мавжуд деярли 35 минг оилага зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Қайд этилишича, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 665 930 нафар аъзосининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, кўплаб фуқароларга ғалладан бўшаган ерлар ажратиб берилган. «Аёллар дафтари»га эса жами 432 781 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг деярли барчасига амалий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, дафтарга киритилган 36 697 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизга 27 миллиард 572 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилган. Шу билан бирга, 29 040 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизга 21 миллиард 58 миллион сўмлик моддий ёрдам берилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандлари контракти биринчи ўқув йилида тўлаб берилиши ва Ўзбекистонда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга 33 миллион сўм кредит ажратилгани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE