Тошкент ва Сирдарё вилоятларида қишлоқ хўжалигига тегишли бўлган ҳамда банк балансидаги ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармалари тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Б.Р. Янгийўл тумани қишлоқ хўжалигидаги 36,7 сотих ер майдонини фуқаро М.га ҳар бир сотихини 1000 доллардан сотишга келишгани аниқланган. У танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, жами 36 000 долларни олган вақтида ушланган.

Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Б.А. онаси М.га банк муассасасидан 3 йил муддатга берилган Сирдарё туманидаги 50 сотих ер майдонини фуқаро З.га турар жой сифатида расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган. У ерни 19 000 долларга сотган вақтида ушланган. Таъкидланишича, ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 1 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлганлар ушлангани, Андижонда ишлаб чиқариш биноси учун ажратилган ерни сотмоқчи бўлган эркак қўлга олингани ва Тошкент вилоятида иссиқхона учун ажратилган 2,5 гектар ерни сотмоқчи бўлганлар ушлангани хабар қилинган.