Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги хонадон томорқасидан 800 туп каннабис гиёҳванд моддаси топилди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Оҳангарон тумани Янгибозор кўчасида яшовчи 38 ёшли Б.Ж.нинг хонадони холислар иштирокида текширилганда томорқанинг 200 метр/квадрат очиқ майдонида яшил рангли ўткир ҳидли гиёҳванд ўсимлигига ўхшаш ўсимликлар зич ҳолатда экилгани, томорқада жойлашган маккажўхори экинлари орасида 59 туп яшил рангли ўткир ҳидли гиёҳванд ўсимлигига ўхшаш ўсимлик туплари ва елим идишда 8 туп яшил рангли ўткир ҳидли гиёҳванд ўсимлигига ўхшаш ўсимлик туплари парваришлаб келинаётгани аниқланган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Таъкидланишича, суд-тиббий эскпертизада тадбир давомида хонадондан олинган жами 803 туп ва 171 грамм миқдордаги ҳўл ҳолдаги ўсимлик туплари таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу ўсимлик моддалари каннабис гиёҳвандлик воситаси турига кириши маълум бўлган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 25-бўлими 5-қисми (Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда қарийб 100 кг гиёҳвандлик моддаларини олиб кираётган ҳайдовчи ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода 47 ёшли аёл уйида гиёҳванд моддалар етиштиргани ва  Бухорода токзорда гиёҳванд модда сақланаётгани маълум қилинган.