Тошкент шаҳри Миробод туманида 14 сентябрь куни «Cobalt» велосипед ва унга уланган аравачадаги фуқароларни уриб юборди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Дастлабки маълумотларга кўра, соат 20:30 да Миробод кўчасида ҳайдовчи Б.Ҳ. «Cobalt»да ҳаракатланаётиб, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига кутилмаганда чиқиб келган велосипедчи ва велосипедга уланган аравада бўлган фуқарони уриб юборган.

Оқибатда велосипедчи ва аравада бўлган фуқаро тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан воқеа жойи ўрганилиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

«Барча ҳайдовчилардан қоидаларга риоя қилишларини сўраймиз», дейилади ЙҲХББ хабарида.

Аввалроқ Андижонда «Spark» 2 нафар вояга етмаган қизни уриб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда «Жигули» йўлни кесиб ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб юборгани хабар қилинган.