Инсоният яралибди-ки, унда кимдир бошқа кимнингдир устидан ҳукм ўтказади, бошқаради. Аввалига ҳокимият қандайдир мезонларга кўра турли шахслар — кучлилар, қариялар, эркаклар ёхуд аёллар қўлида бўлган бўлса, бугун бу тенденция ўзгарган. Кимдир ҳокимиятни мерос қилиб олади, яна кимдир диктаторлик йўли билан жамиятни ўз қўлида ушлаб туради, бошқа биров ёши ва жинсидан қатъий назар ўз билими ва салоҳиятига таянган ҳолда давлат бошқарувига келади. Бугун сиз билан «абадий ҳукмдорлар» — бир неча ўн йиллар давомида мамлакатни бошқарган давлат раҳбарлари ҳақида гаплашамиз.

Теодоро Обианг
Фото: «Reuters»

1. Теодоро Обианг — Экваториал Гвинеянинг сиёсий, ҳарбий ва давлат арбоби, мамлакат президенти. Теодоро Обианг ҳокимият тепасига 1979 йил 3 августда, ҳарбий тўнтаришдан сўнг келган ва ўшандан буён — 42 йилдирки, мамлакатга раҳбарлик қиляпти.

 Паул Бия 
Фото: «Journal de Cameroon»

2. Паул Бия 1933 йил 13 февралда туғилган сиёсатчи дунёнинг энг қари давлат раҳбари ҳисобланади. Бугун у 88 ёшда. Паул Бия 1982 йил 6 ноябрда ҳокимият тепасига келган бўлиб, шундан буён Камерунни бошқариб келади.

Денис Сассу Нгессо
Фото: «EPA»

3. Денис Сассу Нгессо — асли касби ҳарбий бўлган ушбу навбатдаги «абадий ҳукмдор» 1943 йилда Конгода туғилган. У 1979–1992 йилларда мамлакатни бошқаради. Узоқ давом этган фуқаролар урушидан сўнг қайта сайланган президент мамлакатни 1997 йил 25 октябрдан то бугунги кунгача бошқариб келмоқда.

Йовери Мусевини
Фото: «Getty Images»

4. Йовери Мусевини 1944 йил 15 сентябрда туғилган. Эътибор қилган бўлсангиз, энг узоқ вақт ҳокимиятни қўлида тутиб турган давлат раҳбарларининг аксарияти Африка қитъасига мансуб. Уганданинг тўққизинчи ва айни дамдаги президенти ҳокимият тепасига 1986 йилда келган. Генерал-президент мана 35 йилки мамлакатни бошқариб келмоқда.

Идрис Деби Итно
Фото: «Reuters»

5. Идрис Деби Итно 1952–2021 йилларда яшаган. 2016–2017 йилларда Африка Иттифоқига раҳбарлик қилган. Чад давлатини 1990 йилдан то ўлимига қадар — 31 йил давомида бошқарган.

6. Исаяс Афверки 1946 йил 2 февралда таваллуд топган (75 ёшда). 1993 йилдан ҳозиргача — 28 йилдан буён Эритрея раҳбари ҳисобланади. Бундан ташқари, Исаяс Афверки 1987–1994 йилларда «EPLF»га (Эритерия халқ озодлик фронти) етакчилик қилган.

Александр Лукашенко
Фото: Беларусь президенти матбуот хизмати

7. Александр Лукашенко 1954 йил 31 августда туғилган. Беларуснинг биринчи президенти Лукашенко мамлакатни 1994 йилдан то ҳозиргача — 27 йил джавомида бошқариб келмоқда. Асли касби иқтисодчи бўлган собиқ давлат раҳбари президентлик лавозимини эгаллашидан аввал «совхоз» раҳбари лавозимида ишлаган.

Эмомали Раҳмон
Фото: «Коммерсантъ»

8. Эмомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда туғилган. Тожикистон Республикасининг учинчи президенти мамлакатни 1994 йил 16 ноябрдан буён бошқариб келяпти. Шу билан бирга, президент амалда Тожикистон халқ демократик партияси етакчиси ҳам ҳисобланади. Генерал унвонига эга. Бундан ташқари, президентнинг оила аъзолари юқори давлат лавозимларини эгаллаган. Хусусан, унинг 33 яшар ўғли Рустам Эмомали мамлакат парламентига бошчилик қилади ва пойтахт Душанбени тасарруф қилади.

Фото: «Landlord»

9. Пол Кагаме 1957 йил дунёга келган. Руанданинг тўртинчи президенти 2000 йилдан буён мамлакатни бошқариб келмоқда. Гарчи тарихда Кагамедан узоқроқ вақт давомида мамлакатни бошқарган бошқа раҳбарлар бўлсада, биз рейтингда айнан унинг исмини тилга олдик. Сабаби Пол Кагаме раҳбар лавозимларида 2000 йилдан анча аввалроқ ҳам ишлаган. У 1994–2000 йилларда Руанда мудофаа вазири ҳамда вице-президенти сифатида фаолият юритган. Бундан ташқари, 2018–2019 йилларда Африка Иттифоқига раҳбарлик қилган.

Фото: «РИА Новости»

10. Владимир Путин 1952 йил 7 октябрда туғилган, 68 ёшда. Путиннинг сиёсатчи ва давлат ходими сифатидаги фаолият йўли жуда узун. Путин 1998–1999 йилларда Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари, 1999–2000 ва 2008-2012 йилларда бош вазир лавозимида ишлаган. 1999-2008 йилларда Россия президенти вазифасини бажарган. Владимир Путин 2012 йил 7 майдан бугунги кунгача Россияни бошқариб келяпти. Путин Лукашенкодан кейинги Европанинг энг «умрбоқий президент»и ҳисобланади.

Президентлар, давлат раҳбарлари инсонлар ҳаётига жавобгар шахслардир. Раҳбар, у мамлакатни бир йил бошқарадими ёки ўн йил, халқ манфаатлари юзасидан иш кўрмоғи керак. Шунда тарих унинг номини диктатор, адолатсиз ва ёки золим сифатлари билан эслаб қолмайди. Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча!