Саудия Арабистонида дунёдаги энг қадимий объект аниқланди — фото
Уларнинг ёши Миср пирамидаларидан ҳам катта экани айтилган
Саудия Арабистонида археологлар «Туялар турар жойи» археологик объекти ёшини қайта кўриб чиқиб, уни дунёдаги энг қадимийларидан бири эканини аниқлади. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Келтирилишича, Арабистон ярим оролининг шимолида қаттиқ қояларга ўйилган 21 та ҳайвон сиймоси акс этган мажмуа 2018 йилда топилган. Қирол Сауд университети, Германиянинг Макс Планк институти ва Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази олимлари ҳайкалларнинг ёши етти–саккиз минг йилгача бўлиши мумкинлигини айтган.


Таъкидланишича, бу рақамлар археологик объектнинг Стоунхенж ва Миср пирамидаларидан ҳам ёши катта эканини билдиради. Мазкур маълумотни қадимги асбоблар ва ҳайвонларнинг суяклари тасдиқлаган. Ёдгорликнинг мақсади ҳозирча номаълум, аммо у тарихдан олдинги кўчманчи қабилаларнинг учрашув жойи сифатида яратилган, деб ишонилади.

Аввалроқ Шотландияда 4 минг йиллик тарихга эга фанга номаълум жисмлар топилгани ва Данияда «Қуёшни сақлаб қолиш учун» қурбонлик сифатида кўмилган хазина аниқлангани тасвирлари эълон қилинганди. Шунингдек, Хитойда 1500 йиллик тарихга эга севишганлар қабри топилгани ҳамда Польшада вабодан вафот этганлар қабристони қайд этилгани маълум қилинган.