Янгиликлар - 17:35 · 17.09.2021

Тошкентда 28 ёшли аёл турмуш ўртоғига жигарининг бир қисмини берди

Тошкент шаҳрида 32 ёшли эркакка турмуш ўртоғининг жигаридан бир бўлак кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ортотопик жигар трансплантацияси операцияси академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан муваффақиятли амалга оширилган. Учтепа туманида яшовчи Ўктам Аҳмедовга аёли 28 ёшли Фарангиз Аҳмедованинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилган.

Қайд этилишича, август ойида ўтказилган операциядан сўнг марказ мутахассислари томонидан жигарида патологик ўзгаришлари бўлган кўп сонли беморларга турли маслаҳатлар берилган. Тирик донордан жигарнинг бир қисмини кўчириб ўтказиш амалиёти учун ана шу беморлар ичидан энг оғир аҳволдагиси танлаб олинган.

Операцияга бошчилик қилган хирург, профессор Миршавкат Акбаровнинг таъкидлашича, дастлабки текширувларда беморнинг акаси донорликка тайёрланаётган бўлган. Лекин текширувлар анатомик хусусиятлари туфайли унинг жигаридан ўнг бўлагини олиш мумкин эмаслигини кўрсатган. Кейин эса беморнинг турмуш ўртоғи текширилиб, жигарнинг ўнг бўлагини олиш учун барча кўрсаткичлар мос келган. Операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган бўлишига қарамасдан, барча жараёнлар ижобий якунланган. Ҳозирда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, донор эса палатага ўтказилган.

«Беш йилдирки, турмуш ўртоғим жигар хасталигидан азият чекади. Шифокорлар унинг касалликдан тўлиқ соғайиб кетиши учун жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтишди. Атрофдаги кўпчилик бунинг учун Ҳиндистонга бориш кераклигини ва амалиёт анча қиммат эканини айтди. Бундан тушкунликка тушгандик. Кейин эса мана шу шифохонада бундай амалиёт ўтказиш йўлга қўйилганидан, дастлаб бундай операцияни бошдан ўтказган беморларнинг аҳволи жуда яхши эканидан хабар топдик. Шифохонага ордер орқали келганимиз учун маблағ масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Операциядан яхши чиқдик. Ҳозирда турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам аҳволимиз яхши. Насиб бўлса, яқинда биргаликда оиламизга, 3 нафар қизимиз олдига қайтамиз», — дейди донор Фарангиз Аҳмедова.

Таъкидланишича, бу Ўзбекистонда амалга оширилган ўнинчи, ўзбек шифокорлари томонидан мустақил равишда ўтказилган иккинчи ортотопик жигар трансплантацияси ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш тартиби белгилангани ва Самарқандда жигар ва юрак трансплантацияси йўлга қўйилиши хабар қилинган.