Тошкент шаҳрида таксичилик фаолияти билан шуғулланадиган фуқаро Ж.Т. «Matiz» машинасига чиқадиган аёлларга тегажаклик қилаётгани айтилди. Бу ҳақда «Nemolchi.uz» хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Matiz» ҳайдовчисининг ножўя хатти-ҳаракатлар қилиб, ўзини ғалати тутиши ҳақида 3 кишидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра, эркак ўзини санаторий ходими сифатида таништириб, у ерда массажчи эканини айтади. Ҳозирда сиҳатгоҳ таъмирдалиги, шу сабабли таксичилик қилаётганини таъкидлайди ва аёлларга ҳам бу хизматни таклиф қилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди. Таъкидланишича, «Matiz» ҳайдовчиси Ж.Т. томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани тўғрисида ИИББга ариза келиб тушмаган. Идора ходимлари юқоридаги эълон муаллифи билан боғланиб, жабрланувчилар ҳақида маълумот олган.

Шундан сўнг аёлларга ёзма равишда ички ишлар органларига мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилган. 17 сентябрь куни икки нафар жабрланувчилар — Э.М. ва Т.Ю. Миробод тумани ИИО ФМБга мурожаат қилган. Учинчи қиз — М.С. ҳам яқин орада ариза ёзишга тайёрлигини билдирган. Мазкур ҳолат бўйича тергов олди текширувлари олиб борилмоқда.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Агар сиз ва яқинларингиз ножўя ҳатти-ҳаракат қилган такси ҳайдовчиларига дуч келсангиз, ички ишлар органларига мурожаат қилинг. Бу нафақат сизга, балки жамиятга ҳам фойда бўлади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор туманида «Lada Priora» ҳайдовчиси машинасига чиққан йўловчи қизларни ургани айтилганди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот бериб, мурожаат назоратга олинганини маълум қилган.