Янгиликлар - 18:20 · 18.09.2021

«Толибон» Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилди — ОАВ

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилгани айтилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум бўлишича, ҳаракат вақтинчалик қонун чиқарган. Унда қонун ҳужжатларида илгари мустаҳкамланган учта тил ўрнига иккита расмий тил қолдирилгани қайд этилган. «Асослар» деб номланган қонунда Афғонистоннинг расмий дини — Ислом динининг Ҳанафий мазҳаби экани, шунингдек, унинг расмий тиллари — пушту ва дорий экани белгиланган. Аввалроқ Афғонистонда бу тиллар билан бир қаторда ўзбек тили ҳам расмий мақомга эга бўлган. Бу тилдан мамлакат шимолий вилоятлари аҳолисининг катта қисми фойдаланади.

Ҳужжатга кўра, Афғонистонда ислом ҳуқуқшунослари кенгаши ва олий кенгаш тузилади. Унинг таркибига ҳар бир вилоятдан сиёсатчилар, олимлар ва дин арбоблари киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги мактаб дастурларидан ўзбек тили чиқариб ташлангани айтилган хабарларга изоҳ берганди.