Сирдарё вилоятида 17 сентябрь, жума куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан пахта теримчилари учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, пресс-турнинг илк манзили Сайхунобод тумани «Қаҳрамон-Зилола» фермер хўжалиги бўлган. «Сирдарё политех» кластер ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу туманда 8 минг гектар майдонда пахта экилган. Терим якунида фермер хўжалиги 27 минг тонна пахта топшириши керак.

«Деҳқонларимизнинг 1 йиллик меҳнати эвазига биз юқори ҳосилдорликка эришдик. Шунинг учун 35–40 минг тонна пахта топшириш ниятимиз бор. Ҳосилни ёғингарчиликка қолдирмасдан териб олиш учун водийдан 2000 нафар теримчи олиб келганмиз. Яна 1500 нафари келиши кутиляпти. Терилган 1 килограмм пахта учун 1430 сўмдан пул тўланяпти.

Бундан ташқари, ҳар бир гуруҳга ўзларидан бошлиқ тайинланган. Уларга ойига 2 миллиондан ойлик белгиланган. Шунингдек, кластер томонидан ҳар бир теримчига ойига 600 минг сўмдан ойлик берилади. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, бизда мажбурий меҳнатга жалб қилиш, вояга етмаган болалар, беморлар ва қариялар йўқ»,— деди Комил Эшонхонов.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати

Фермер Рўзинбоевнинг сўзларига кўра, теримчиларга ҳар икки кунда терган пахтаси учун ҳақ берилади. Унинг таъкидлашича, битта бригадада 170 нафар теримчи бўлса, уларнинг пуллари тарозичи ва ёзувчига ҳар кунлик берилади. Бир тарозичи ва ёзувчи бир кунда ҳамманинг рўйҳатини шакллантиришга улгурмагани учун 2 кунда бир пахта пули тарқатилади.

Аммо «Bugun.uz» мухбирининг фарғоналик теримчи билан қилган суҳбатида улар 7 кундан бери пахта пули олмаганини билдирди. Теримчининг айтишича, бригадирнинг шахсий муаммолари туфайли ҳали пул тарқатилмаган.

«Менинг ёшим 65 да, кунига 200–250 килограмм пахта тераман. Чолим билан келганман. Унинг ёши 67 да, у кунига 70–80 килограмм пахта теряпти. Ўзим ҳар йили пахтадан 20–25 кунда 6 миллионгача пул  ва 60 литргача мой олиб кетаман. Лекин ҳозир 7 кун бўлди, пул олганимиз йўқ», — дейди Раҳима она.

«Bugun.uz» мухбири шу савол билан фермерга мурожаат қилганида у пуллар ҳар икки кунда берилганини айтиб, ҳисоб-китоб дафтарини журналистларга кўрсатди. Унда ҳамма теримчилар пулини олганини тасдиқлаб, имзо қўйилгани билдирилган. Бундан ташқари, кечга яна пул тарқатилишини айтиб, унда иштирок этишга таклиф қилди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати

Айнан шу мавзуда андижонлик теримчилар билан бўлган суҳбатда улар фермердан миннатдорлигини, пулларни вақтида бераётганини айтди. Бироқ «Bugun.uz» мухбири ҳали фарғоналиклар пул олмаганини айтганида улар ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Тўғри, бригадиримизнинг шахсий муаммолари чиқиб қолибди. Уйига кетган. Рўйҳатни шакллантиришга улгурмади. Шунинг учун индамай турибмиз. Келса, пулларимизни беради», — деди теримчи Дехқонова Мастура.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати

Ундан сўнг пресс-тур давомида вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Мавжуда Мирзаева ҳамда ОАВ вакиллари Сирдарё вилояти Боёвут туманида теримчилар учун яратилган шароитлар билан танишган.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Боёвут туманида теримчилар учун 200 кишига мўлжалланган ётоқхона ташкил этилган. Шунингдек, ошхона, тиббиёт хонаси, маънавият хонаси, кир ювиш хонаси ва ювиниш хоналари ҳам қурилган. Бош ошпазнинг сўзларига кўра, теримчилар учун ҳар куни иссиқ нон ёпилади.

«Улар меҳмон. Уларни кўнглига қарашга ҳаракат қиламиз. Нима овқат ейишини сўраб, шунга қараб овқат қиламиз. Бундан ташқари, ҳар куни эрталаб иссиқ нон ёпилади», — деди бош ошпаз.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта терими пули белгилангани ва Сурхондарёдаги банкларда ходимлар дам олиш кунлари пахта теримига чақирилгани хабар берилганди.