11:22 | 19.09.21 55

Сурхондарёдаги банкларда ходимлар дам олиш кунлари пахта теримига чақирилгани айтилмоқда

Меҳнат вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Сурхондарё вилояти Ангор туманида раиснинг топшириғи билан дам олиш кунлари банк ходимлари пахта теримига чақирилгани ҳақида хабар тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Хабарга кўра, тумандаги тижорат банклари ходимлари шанба (дам олиш) куни раиснинг топшириғи билан «Тўққиз ой якуни» деб ишга жалб этилган. Якшанба куни эса ҳатто аёл ходимларни чақириб, кредит ундируви билан шуғулланмоқчи бўлган. Лекин кейин ҳоким топшириғига биноан барча ходимлар пахта теримига чиқиши тайинланган.

Таъкидланишича, ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилмоқда, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

Аввалроқ Меҳнат вазирлиги ҳокимларнинг дам олиш кунлари ҳам йиғилиш ўтказаётганига муносабат билдиргани ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги дам олиш кунида суд ҳокимияти иштирокида йиғилиш ўтказгани хабар қилинган. Шунингдек, Сурхондарёда тиббиёт ходимлари дам олиш кунида ишга жалб қилингани айтилган хабар юзасидан изоҳ берилганди.