Янгиликлар - 18:46 · 20.09.2021

Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилинганига муносабат билдирилди

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилинганига муносабат билдирди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи»

Айтилишича, у бу ҳақда «Валдай» клуби конференциясида гапирган. «Афғонистоннинг янги ҳукумати томонидан ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Афғонистоннинг янги конституцияси тайёрланиши муносабати билан вақтинчалик чоралар ҳақида гапириш мумкин», — деган у.

Иргашев, шунингдек, Афғонистон билан озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб бериладиган автомобиль ва темирйўл алоқалари тикланишини қайд этган. Таъкидланишича, Афғонистон билан чегара бир вақтнинг ўзида ёпилган ва визалар бошқа сабабларга кўра эмас, фақат коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган.

Аввалроқ «Толибон» Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилгани айтилганди.