Янгиликлар - 21:41 · 20.09.2021

Ўзбекистон ОПЕК ва Ислом тараққиёт банкидан қарз олади

Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида ‘Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, Ислом тараққиёт банкидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 миллион доллар, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармасидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 миллион доллар қарз олинади ва маблағ «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси учун сарфланади.

Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани амалга ошириш даврида масъул ижро этувчи органнинг ҳамкори сифатида фаолият кўрсатиши ва у томонидан лойиҳа учун 3,05 миллион доллар миқдорида грант маблағи ажратилиши белгиланган.

Таъкидланишича, лойиҳани амалга оширишда мамлакатнинг улуши 59,95 миллион доллар миқдоридаги маблағлардан иборат бўлади. Лойиҳа Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та маҳаллада амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқаро молия институтларидан 200 миллион доллар қарз олиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида қишлоқлар шароити яхшиланиши ва Ўзбекистонда 2021 йилда давлат қарзини кўпайтирувчи асосий омил нималар экани маълум қилинган.

Bugun — LIVE