Ўзбекистонда xиёнат туфайли ажримлар кўпайгани маълум бўлди
Шунингдек, ажримларнинг бола руҳиятига салбий таъсири айтиб ўтилди
АОКАда 20 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева Ўзбекистонда юзага келаётган ажримлар сабаблари ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Қайд этилишича, оилавий ажримларнинг омиллари, оқибатларини ўрганиш ва уларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон республикаси, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Тошкент вилоятларида охирги 5 йил давомида ўз оиласидан ажрашган 400 дан ортиқ шахс билан сўров ўтказилган.
Сўров натижаларига кўра, оилавий ажримларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари эр ва хотин ўртасида доимий маиший-психологик даражадаги келишмовчиликлар, ўзаро меҳрнинг йўқлиги (30,2%), эр, хотиннинг оила аъзоларининг оиланинг турмушига доимий аралашуви, улар билан келишмовчилик (21,2%), оилавий хиёнат (17,1%) ҳисобланиши аниқланган.
Келтирилишича, «Сиз учун оилавий ажримнинг энг оғир оқибатлари қайсилар бўлди?», — деган саволга респондентларнинг 64,3 фоизи «Фарзандим отасиз, онасиз ўсишга мажбур», — деб жавоб берганлар. Сўров иштирокчиларининг 35,2 фоизи мазкур саволга «Саломатлигим ёмонлашди, асаб касалига учрадим», — деган жавобни танлаган бўлиб, эркакларнинг 20 фоизи, аёлларнинг эса 40,1 фоизи шу жавобни берган.
Респондентларнинг 10,4 фоизи фарзандларининг тез жаҳли чиқадиган, агрессив бўлиб қолганини, 7,3 фоизи фарзандлари камгап, одамови бўлиб қолганини таъкидлаган бўлсалар, 8,5% респондентлар болалари доим отасини соғинишини, 4,1 фоизи фарзандларининг уйқуси бузилиб, иштаҳаси ёмонлашганини маълум қилган бўлса, яна 3,8 фоизи болаларининг мактабдаги ўқиши пасайиб кетилганини айтган.
Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги 8 ойда энг кўп ажрим қайси ҳудудда қайд этилгани айтилганди ва Ўзбекистонда эрта никоҳ ҳолатлари энг кўп қайси вилоятда қайд этилиши маълум қилинганди.