Хивадаги шаҳар ичидаги шаҳарча ва 15 асрлик тарихга эга Тупроққалъа — суратларда
Хива ва Нукус шаҳарларида 14–17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, унда иштирок этган бир гуруҳ ОАВ вакиллари ва хорижлик меҳмонлар учун Қорақалпоғистондаги Тупроққалъа ёдгорлик мажмуаси ҳамда Хива шаҳридаги Ичан қалъа шаҳарчасида пресс-тур ташкил этилди. «Bugun.uz» мухбири ҳам ушбу масканларда бўлиб, махсус фоторепортаж тайёрлади.

Дастлаб иштирокчилар Ўзбекистоннинг энг кўҳна мажмуаларидан бири бўлган Хивадаги «Ичан қалъа» тарихий-меъморий мажмуасида бўлди. Мазкур давлат музей-қўриқхонаси 26 гектар майдонда жойлашган бўлиб, кўҳна деворлар билан ўралган.
Маълумотларга кўра, қалъа 1920 йил 27 апрелда Хива Давлат музейи сифатида ташкил топган. Бу даргоҳ 1924 йилдан 1967 йилгача Хоразм инқилоби тарихи музейи, 1967 йилдан Марказий Осиёда биринчи бўлиб Хива ҳақиқий тарихий-меъморий музей–қўриқхонаси сифатида фаолият кўрсата бошлаган.



Музей–қўриқхонанинг 69 та залида жойлашган 14 та мустақил экспозиция Хоразм ва Хива тарихининг маълум бир даврларини акс эттириб, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини очиб беради. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан 1984–1993 йилларда ўтказилган илмий тадқиқотлар даврида шаҳарнинг ёши аниқланган.



Хива шаҳрида ўтказилган археологик қазишмалар натижаси шуни кўрсатадики, «Ичан қалъа» ҳудуди эрамиздан аввалги V асрда пайдо бўлган. Шаҳарнинг энг пастки қатламида топилган ашёлар (сопол буюмлар ва қалин пахса деворлар) шундан далолат беради. Шаҳар деворлари остидан топилган маданий қатлам, сопол буюмлар ва катта ҳажмдаги хом ғиштлар шаҳарнинг 2500 ёшда эканини тасдиқлайди.
Таъкидланишича, ҳозирда музей-қўриқхона ҳудудида 54 та тарихий-меъморий обида мавжуд бўлиб, 360 хонадонда 2600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.









Журналист ва хорижий меҳмонлар Нукус шаҳри томон кетар экан, йўлда минг йиллик тарихга эга қадимий Тупроққалъа харобаларига ҳам тўхтаб ўтди. Қадимги Хоразм маданиятининг ажойиб намуналаридан бири бўлган бу ёдгорлик I–VI асрлар оралиғида қурилган бўлиб, улар қадимий шаҳарнинг бир қисми бўлган ва III асрда Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти бўлиб хизмат қилган.


Таъкидланишича, Тупроққалъа мажмуаси сўфий авлиё номи билан аталган Султон Увайс тоғидан 7 километр жанубга чўзилган. Дастлаб 1938 йилда рус археологи Сергей П.Толстов раҳбарлигида ўрганилган, кейинчалик қазишма натижасида қадимий турар жой қолдиқлари, шу жумладан, сарой ва унинг шимолидаги бир қатор бинолар топилган.
Олимларнинг маълум қилишича, Тупроққалъанинг шимоли-шарқий қисмида махсус кўтарма супа устига хом ғиштдан сарой қурилган. Унга ёндош қилиб баландлиги 25 метрли 3 та минораси бўлган арк биноси бунёд этилган. Аркка шарқ томонидан кўтарма йўлак орқали кирилган. Унда 100 га яқин турар жой, хўжалик бинолари ва 8 та сарой хонаси қазилган.



Мазкур мажмуадан жун, шойи, ип газлама парчалари, бўйра, рангли гилам, кўплаб ҳайкал бўлаклари, сопол буюмлар ва Кушон тангалари топилган. Қалъа суғориш иншоотларининг бузилиши, ҳарбий тўқнашувлар оқибатида харобага айланган.
Ушбу қалъа антик даврда — Афригидлар сулоласи ҳокимиятга келишидан олдин Қадимги Хоразм ҳукмдорларининг қароргоҳи бўлиб хизмат қилган. Ёдгорликнинг номи унинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, «катта тупроқ тепалик» деган маънони англатади.




Ушбу бинолардан бири оқ ва қора фондаги, катта ва кичик розетта ва бошқа гуллар билан безатилган ранг-баранг деворий тасвирлар, шунингдек, пастки оёқ ва кўйлакни тасвирлаган ҳайкал қолдиқларига эга 50 та хонадан иборат. Шунингдек, бу ерда Кушон ҳукмдорлари Вима Кадфиз, Хувишка ҳукмронлиги даврига оид тангалар, шернинг олтин боши ва барельеф тайёрлаш учун алебастр шакллари топилган.






Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ЮНEСКО бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг нечта объекти ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани маълум қилинган.