Азиз Абдуҳакимов «Халқаро автомобилсиз кун» доирасида раҳбарларни намуна кўрсатишга чақирди
Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Халқаро автомобилсиз кун» доирасида давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарларини шахсий намуна кўрсатишга чорлади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 22 сентябрь мамлакатда «Автомобилсиз кун» деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Азиз Абдуҳакимов илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ходимлари ҳамда ОАВ вакилларини, қолаверса, барча ватандошларни ҳам шу куни оммавий тадбирларда фаол иштирок этишга ҳамда бир кун давомида автомобиль ўрнига велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда ҳаракатланишга чорлаган.
«Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakorsat, #avtomobilsizbirkun хештегларидан фойдаланиб, янада кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман. Зеро, бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини янада такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфекцион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир», — дейди вазир.
Шу билан бирга, бу кунда мамлакат бўйлаб маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам велосипед, скейт ва самокатларда учиш мусобақалари ташкил этилади. Тадбир давомида «Автомобилсиз кун» акциясида энг фаол қатнашган кишилар аниқланиб, уларга велосипед ҳамда спорт экипировкалари топширилади.
Аввалроқ Қорақалпоғистондан Тошкентгача велосипедда ҳаракатланган эркак тақдирлангани хабар қилинган.