Янгиликлар - 11:02 · 21.09.2021

Олимлар коронавируснинг ҳақиқий тарқатувчиларини топгани айтилмоқда

Франциянинг Пастер университети олимлари Лаос университети тадқиқотчилари билан ҳамкорликда COVID-19 пандемиясининг бошланишига сабаб бўлган манбани аниқлагани маълум қилинди. Бу ҳақда «Research Square»га таяниб, «МИР24» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Лаос шимолида жойлашган ғорларда яшовчи кўршапалакларда SARS-CоC-2’га ўхшаш вирус аниқланган.

Таъкидланишича, ушбу тадқиқот коронавируснинг инсон омили билан эмас, балки ҳайвонлардан тарқалганини тасдиқлайди.

«Бизнинг тадқиқотимиз ушбу ҳудудда яшовчи кўршапалакларда пандемия келтириб чиқарган вируснинг борлигини кўрсатди», дейилади хабарда. Қайд этилишича, бундай пайтда ғорлар ёнида ишлайдиган одамлар, айниқса, хавф остида бўлади.

Аввалроқ коронавирус Осиё мамлакатларидан бирига жиддий муаммони ҳал қилишга ёрдам бергани айтилганди. Шунингдек, Билл Гейтс инсоният кейинги пандемияларга тайёр бўлиши учун нима қилиши кераклигини маълум қилган.