Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган аҳолиси асосан нима сабабдан вафот этаётгани айтилди
Туризм ва спорт вазирлигида 21 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Лиан Куппенс Ўзбекистонда 5–39 ёшдаги аҳоли орасидаги асосий ўлим сабаби нима эканлигини айтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Халқаро «Автомобилсиз кун» тадбири олдидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили мамлакатда йўл-транспорт ҳодисаларида қурбон бўлганлар сонини акс эттирувчи рақамларга тўхталиб ўтди.
«Глобал миқёсда қарасак, ҳар 24 сонияда бир одам йўл-транспорт ҳодисаси туфайли вафот этади. Ўзбекистондаги расмий маълумотларга кўра, январь–август ойларида йўллардаги қурбонлар сони 717 нафарни ташкил этган.
Мамлакатда 5–39 ёшлардаги аҳолининг ўлимига энг кўп сабаб бўлувчи омил транспорт ҳодисаларидир. Бошқа ҳеч қайси сабаб туфайли қурбонлар сони бу даражада эмас. Булар фақат вафот этганлар сони, бу каби ҳодисалар туфайли оғир жароҳатланган яна минглаб инсонлар бор», — деди соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро мутахассис.
Аввалроқ Ўзбекистонда йилнинг биринчи чорагида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган болалар сони очиқланганди ва ЖССТ янги ўқув йили олдидан дунё давлатларига мурожаат қилганди.