Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 25 июнь куни ҳомиладор аёл ўзини зўрламоқчи бўлган қўшнисини пичoқлаб ўлдирди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқланишича, туманнинг Тўлақул қишлоғида яшаган марҳум Ж.А. қўшниси Н.Ж.га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган. Бироқ аёл ўз номусини ҳимоя қилиш мақсадида ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.А.га бир маротаба зарба берган. Етказилган тан жароҳати оқибатида эркак вафот этган.

Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Тергов давомида Ж.А.нинг ўлими юзасидан туман прокурори томонидан қишлоқ аҳолиси ва жабрланувчилар билан учрашувлар ўтказилган.

Қайд этилишича, марҳумнинг яқинлари туман прокуратурасида бир неча маротаба қабул қилинган. Уларнинг жиноятга Н.Ж.нинг акаси ва отасининг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги тахминлари дастлабки терговда текширилганда ўз тасдиғини топмаган. Тергов якунига кўра, Н.Ж.га Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 7 сентябрда жиноят иши суд муҳокамасига юборилган. Жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида кўрилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда боғ ичида қизни зўрлаган йигитга суд ҳукми ўқилгани, Сирдарёда мактаб ҳожатхонасида 8 ёшли қизни зўрлаган эркак суд қилингани ва Тошкентда 15 ёшли қизни зўрлаган 3 нафар йигит ушлангани хабар қилинган.