Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эри ва қайнонасининг мунтазам тазйиқлари оқибатида аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Zamon» кўрсатувида хабар қилинди.

Кадр: Telegram/ @zamonuz

Маълум бўлишича, аёл кетма-кет қиз фарзанд кўргани туфайли қайнона уни арзимас сабаблар билан йиллар давомида таҳқирлаб келган. Бундан мутасаддилар ва мактаб жамоаси ҳам хабардор бўлган. 2020 йил ноябрь ойида оилада яна жанжал юз берган. Эр аёлини яқин қариндошларига тегишли дўкондан қайнонаси номига қарз олишда айблаб, танасининг турли жойларига электр кабели, қўл ва оёқлари билан жароҳат етказган.

Шунингдек, декабрь ойида қайнона аёлни уриб, юзига қайноқ сув сепиб юборган. Оиланинг тўнғич қизи онасига қилинган тазйиқларга чидолмай, яшаш уйи оғилхонасида арқон билан ўзини осган. Орадан 2 соат ўтиб, зўравонликдан тўйган аёл ҳам қизи ёнида ўз жонига қасд қилган.

Аниқланишича, прокурор ҳолат бўйича ички ишлар органига қонуний баҳо берилишини айтган. Чунки аёлга ҳимоя ордери берилган бўлса-да, кузатувга олинмаган. Мактаб директори, маҳалла раиси, ички ишлар органи ходимларига тегишли чора кўрилиши маълум қилинган.

Қайд этилишича, туманда бўлиб ўтган очиқ судда эр Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 7 йилга қамалган. Қайнонага эса 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Қашқадарёда қайнатаси билан тортишиб қолган келин ўзи ва фарзандларини поезд тагига ташлаб, ҳалок бўлгани хабар қилинган. Шунингдек, Қашқадарёда севгилиси томонидан зўрлангани айтилган 18 ёшли қиз жонига қасд қилгани маълум қилинган.