Тошкент метрополитенидаги поездларнинг бирида 18 сентябрь куни эркак 13 ёшли қизга номақбул ҳаракатлар қилди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, соат 17:00 атрофида метрополитеннинг «Олмазор» бекатида Янгиҳаёт туманида яшовчи 13 ёшли А.Э.га нисбатан шахси номаълум эркак номақбул ҳаракатлар қилган. Мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда видеокузатув мосламалари орқали номаълум эркакнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш ва шахсини аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу фотосуратдаги эркак киши ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, дарҳол 102 рақамига ёки яқин ички ишлар органига хабар беришингизни сўраймиз», дейилади изоҳда.

Аввалроқ Тошкентда ҳайдовчи машинасига чиққан аёлларга тегажаклик қилгани, шунингдек, Тошкентда вояга етмаган ўғил боланинг номусига тегмоқчи бўлган такси ҳайдовчиси ушлангани маълум қилинган.