АҚШ ва Исроил расмийлари яширин равишда учрашиб, Эроннинг ҳаракатлари бўйича махсус режани муҳокама қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Centre for Israel Education»

Унга кўра, Америка–Исроил махфий стратегик ишчи гуруҳи Исроилнинг янги ҳукумати ҳокимиятга келганидан бери биринчи марта учрашган. Учрашув видеоалоқа форматида бўлиб ўтган. Унда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан ва унинг исроиллик ҳамкасби Эяль Хулата иштирок этган.

Айтилишича, унда ҳар икки томон Эрон ядровий дастури бўйича Бирлашган ҳаракатлар режаси музокаралари тўхтаб қолганидан хавотирларини билдирган. Бундан ташқари, сиёсатчилар Эроннинг ядровий фаоллиги ошганини қайд этган. Учрашувда Исроил томони тафсилотлари ошкор қилинмаган «Б режаси»га ўтиш зарурлигини билдирган. АҚШ томони эса музокаралар яқин келажакда тикланмаса, Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий этишини маълум қилган.

Аввалроқ Эроннинг ядровий келишув бўйича режалари маълум қилинганди. Шунингдек, АҚШ Эрон ядровий битимидан воз кечиши мумкинлиги айтилган.