Янгиликлар - 11:09 · 23.09.2021

Арктикадаги муз сатҳи рекорд даражада пасайди

Арктикадаги муз сатҳи икки йил ичида рекорд даражада пасайгани маълум бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Mosaic»

Айтилишича, муз сатҳи пасайгани «Copernicus Ocean» халқаро дастурининг йиллик ҳисоботида маълум қилинган. Мазкур ҳисобот Европанинг 30 дан ортиқ институтидан жалб қилинган 120 нафар олим томонидан тайёрланган.

Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги ўн йил ичида Арктикадаги муз сатҳи 1979 йилга нисбатан 13 фоизга, Баренц денгизидаги музларнинг ўртача қалинлиги эса 90 фоизга камайган.

Олимларнинг фикрига кўра, Арктикада муз ҳажмининг кескин камайиши сув тошқини, шунингдек, денгиз ҳайвонлари ва ўсимликларининг тур таркиби ўзгаришига олиб келади. Бундай ҳолатларга мисол сифатида ҳисобот муаллифлари 2019 йилнинг ноябрь ойида Венецияда содир бўлган сув тошқини ва Ўртаер денгизида тўрт маротаба содир бўлган сув кўтарилиши ҳолатини келтирган.

Аввалроқ Арктика музликларининг тез эриши билан боғлиқ янги хавф маълум қилинганди. Шунингдек, Арктикада ҳаво ҳарорати рекорд кўрсаткични қайд этган.