Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳаво сифатининг глобал стандартини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, стандарт кўрсаткич 15 йил ичида биринчи марта янгиланган. Ташкилот глобал стандартлар инсон саломатлигида жиддий хавф юзага келгани учун оширилгани ва унга риоя қилиш орқали одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини қайд этган.

Таъкидланишича, ЖССТ томонидан белгиланган талабларни бажариш нисбатан қийинчилик туғдиради. Бу асосан, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда сезилади, чунки улар қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши билан урбанизацияни бошдан кечирмоқда, бу эса ҳаво сифатининг тез пасайишига олиб келади.

Ҳисоботда бутун дунё бўйлаб инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ҳавонинг ифлосланишини камайтириш муҳимлиги айтилган. Бунда чиқиндиларни камайтириш ҳам иқлим ўзгаришига қарши курашишга ёрдам бериши таъкидланган.

Стандартларда асосий ифлослантирувчи моддалар қаторига PM2,5, PM10, озон, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди ва углерод оксиди киритилган.

Аввалроқ ЖССТ коронавирусга оид яхши янгилик берганди ва коронавирус етиб бормаган давлатни маълум қилганди.