Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Қорақалпоғистонда Амударё устидан ўтувчи кўприк қурилиши жараёнлари билан танишганди. Президент матбуот котиби эълон қилган суратларда унинг ўзи ва Комил Алламжонов MIR21YOYEV ёзуви туширилган футболкада юрганини кўриш мумкин.

Фото: Президент матбуот котиби

«Газета.uz» мазкур футболка сайловолди ташвиқоти ҳисобланиши ёки йўқлиги тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига сўров юборди. МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

«Битта нарсани ҳам ҳисобга олиш керак, бошқа давлатни ҳам олсак, амалдаги президентнинг ёнида юрадиган командаси бўлади, маслаҳатчиси бўлади. Энди биз ҳали у даражада ким нима кийди, қанақа кийинди — кузатганимиз йўқ. Ташвиқот ҳисобланиши учун, биринчидан, у ташвиқот билан шуғулланадиган одам бўлиши керак. Яъни ўша давлат ҳокимияти (ходимига) мумкин эмас ташвиқот (қилиш).

Ҳозир унга бориб ‘нима кийяпсан’, деб эътироз билдиришимиз асоссиз ва ноўрин.

Бунда ҳар битта ҳолатда алоҳида баҳо бериш керак. Масалан, ҳозир бу ерда туриб ‘мана шуни тўғри ёки нотўғри’, дейиш умуман нотўғри бўлади. Ҳар битта ҳолат бўйича ҳаттоки судья ҳам ишни ўрганиб, кўриб чиқиб, кейин бирор фикр билдиради. Агар бу ерда ҳақиқатда қонун бузилиши ҳолатлари бўлган бўлса, бизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз бор, уларга мана шу тизимни назорат қилиб бориш сингари топшириқлар кетган», — дейди у.

МСК доимий аъзоси Худоёр Маматов ташвиқот оммавий чорлаш орқали амалга оширилишини айтиб, мазкур ҳолатдаги футболка «ташвиқот материали» саналмаслигини таъкидлади.

«Сиз эслатиб ўтган Сайлов кодексидаги 44-моддада қандай ҳаракат сайловолди ташвиқот бўлиши аниқ ёзилган. Демак, у ёки бу номзодни шу сайлов кампанияси давридан ғалаба қозониши учун ташвиқот қилиш, яъни ‘Овоз беринг’ деб оммавий чорлаш — бу ташвиқот саналади.

У ёки бу ходимнинг ёки шахснинг қайсидир фамилияси туширилган футболка кийиб юргани — ташвиқот эмас. У ташвиқот материали эмас. Ташвиқотнинг тартиби бор. Назарий жиҳатдан талаблари бор. Оммавий тус олиши керак ва омма олдида чиқиш қилиб, оммани кимгадир овоз беришга чорлаш керак», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан 10 сентябрь куни эълон қилинган видеода MIR21YOYEV ёзуви сайлов кампанияси логотипи сифатида тақдим этилганди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди тарғиботи ва амалдаги вазифаси аралашиб кетмаслиги назорат қилинишини таъкидлаганди.