Олий мажлис Сенати «Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури» имзолашга бағишланган видеоконференция шаклидаги тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: Олий мажлис Сенати ахборот хизмати

Маълум бўлишича, йиғилишда Сенати раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти масъуллари, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Касаба уюшмалари федерацияси раиси, Иш берувчилар конфедерацияси раиси иштирок этган.

Фото: Олий мажлис Сенати ахборот хизмати

Тадбирда Танзила Норбоева Ўзбекистоннинг муносиб меҳнат бўйича 2014–2020 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури муваффақиятли амалга оширилгани ҳамда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги самарали ҳамкорликни асоси бўлганини таъкидлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2014 йилдан буён мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада яқин ҳамкорликда қатор ишларни амалга ошириб келинаётгани, ушбу йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйишда «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури»нинг қабул қилингани ва амалга оширилгани билдирилган.

Фото: Олий мажлис Сенати ахборот хизмати

Таъкидланишича, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Ташкилотнинг 18 та, шу жумладан, 8 та асосий ва 4 та директив конвенцияси ратификация қилингани Ўзбекистон меҳнат қонунчилигини халқаро меҳнат стандартларига мослаштириш ва такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Учрашувда «Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури» имзоланиб, ижрога йўналтирилган ҳамда дастурнинг амалиётга татбиқ этилишида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишилиб олинган.

Фото: Олий мажлис Сенати ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йиллик меҳнат таътилини қисмларга бўлиб олиш бўйича маълумот берилганди. Шунингдек, амалдаги Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиши ва Ўзбекистонда кунлик меҳнат марказлари тузилмаси тасдиқланиши маълум қилинган.