Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Фото: «norma.uz»

Маълум бўлишича, давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича айрим жамоатчилик назорати масканларини эксперимент тариқасида видеокамералар ўрнатиш шарти билан, тадбиркорлик субъектларига ижарага берилади. Шунингдек, улар негизида электрон кузатув масканлари фаолиятини ташкил этиш назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ ИИВ, Миллий гвардия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг жамоатчилик назорати масканларида электрон кузатув фаолиятини ташкил этиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Таъкидланишича, эксперимент доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

  • электрон кузатув масканлари ер участкаларининг 6 квадрат метр майдонигача жойлаштирилади, масканлар ва уларнинг бинолари атрофидаги ер участкалари эксперимент муддатидан қатъий назар, беш йил муддатга ижара тўловининг «ноль» ставкаси асосида ижарага берилади;
  • ижарага берувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ижарага олувчи — электрон кузатув масканини ташкил этиш учун фуқаролар йиғинларида барпо этилган жамоатчилик назорати масканларини белгиланган тартибда ижарага олган юридик ва жисмоний шахслар ҳамда савдолар ташкилотчиси «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ҳисобланади;
  • масканлар ижара шартномаси асосида бериладиган тадбиркорлик субъектлари «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон танлов ўтказиш орқали аниқланади;
  • ижара шартномаси муддати тугагандан сўнг масканларнинг бинолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мулк ҳуқуқи асосида қолдирилади, қолган мол-мулк ва жиҳозлар тадбиркорлик субъекти томонидан эркин тасарруф этилади.

Шунингдек, электрон кузатув масканлари фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида бериладиган жамоатчилик назорати масканлари рўйхати тасдиқланган. Шу билан бирга, жамоатчилик назорати масканларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш учун энг яхши таклифларни танлаб олишга қўйиладиган минимал талаблар ва таклифларни баҳолаш мезонлари жорий этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда хусусий сектор томонидан вакцина пулли қилинаётганига оид хабарларга изоҳ берилганди.