Одамлардан ҳам кўпроқ умр кўрган, кўраётган теледастурлар бор. Келинг, бугун сиз билан энг узун телесериаллар ҳақида суҳбатлашамиз.

1. «Симпсонлар». Мазкур комедик мультсериал ҳақида ўтган асрдан буён билишади. Мэтт Грейнинг томонидан яратилган мазкур сериалда америкалик ўрта қатлам ҳаёти Симпсонлар оиласи мисолида сатира қилинади.

Фото: «20th Century Fox Television»

Сериалдаги воқеалар Спрингфильд номли хаёлий шаҳарда бўлиб ўтади. «Симпсонлар» келажакни олдиндан башорат қилади ва намойиш этади, деган қарашлар мультсериалнинг шуҳратини янада оширган. Сериал илк бор 1989 йил 17 декабрда эфирга узатилган ва ҳали ҳам унинг қисмларини яратишда давом этилмоқда. 32 ёшни қаршилаш арафасидаги телесериал ҳозирча 32 мавсум, 706 эпизоддан иборат.

2. «Жанубий парк» («South Park»). Американинг «Comedy Central» телеканалида 1997 йилдан бери эфирга узатилаётган мазкур фильм ҳам мақсади, мазмуни ва йўналиши жиҳатидан «Симпсонлар»га ўхшаб кетади, яъни унда ҳам жамиятдаги иллатлар сатирик усулда танқид остига олинади.

Фото: «Courtesy of Comedy Central»

Сериал яративчилари Трейй Паркер ҳамда Мэтт Стоунлар ҳисобланади. Мультсериалнинг бугунга қадар 23 мавсум, 307 сони яратилган. Аввалига рангли қоғоз бўлакларидан қирқиб тайёрланган сериал бугунга келиб замонавий усулларда — компьютер графикаси ёрдамида ишлаб чиқилмоқда. Сериалнинг бош қаҳрамонлари ҳисобланган тўртта мактаб боласи 24 ёшни қаршилаб улгурди.

3. «Ҳуқуқ ва тартиб: махсус жиноятлар корпуси». «Махсус жиноятлар корпуси» «Ҳуқуқ ва тартиб» туркумидаги сериаллар орасида ҳозирча энг машҳури ҳисобланади. Америка киноижодкорлари томонидан тасвирга олинган мазкур телесериал юридик драмалар сирасига киради.

Фото: «Thepioneerwoman.com»

У илк бор 1999 йил сентябрь ойида эфир юзини кўрган, яратувчиси Дик Вульфдир. Телесериал 22 фасл, 494 эпизоддан иборат бўлиб, у бугунга қадар яратилган инсонлар иштирокидаги энг узун сериал ҳисобланади. Сериал бир қанча мукофотлар, жумладан, «Эдгар Алан По» мукофотига сазовор бўлган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, сериал бош қаҳрамонларидан бири Маришка Харгитей 2007 йилда биргина эпизоддаги иштироки учун 400 минг доллардан ортиқроқ пул олган.

4. «Қурол тутуни» («Gunsmoke»). Мазкур сериал ҳам Америка ижодкорлари томонидан яратилган бўлиб, у дастлаб радио (1952 йилга қадар), кейин эса телевидениеда тақдим қилинган. Даставвал «Қурол қонуни» деб номланган сериал жуда зерикарли тарзда бошланган.

Фото: «Cowboys and Indians Magazine»

Сериал воқеалари Канзас штатидаги Жож-Ситида бўлиб ўтади, унда ХIХ асрда Америка ғарбида содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. Телесериал яратувчиси — Натан Юран. Телесериал 20 фасл, 635 та эпизодни ўз ичига олади. Сериал кино оламининг «Оскар»и саналадиган «Эмми» мукофотига сазовор бўлган.

5. «Тез ёрдам» («ER»). Америкалик киноижодкорлар томонидан суратга олинган мазкур тиббий драма Майкл Краутон томонидан яратилган. 15 фасл, 331 эпизоддан иборат. Сериалда Чикаго касалхонаси бўлими, унинг ходимлари ва беморлари ҳаёти акс этади. Сериал «NBC» телеканалида 1994 йил сентябрь ойидан 2009 йил апрель ойигача бўлган вақт оралиғида — 13 йил давомида эфирга узатилган.

Фото: «t2conline.com»

У 2019 йилгача Америка телевидениеси тарихидаги энг узун тиббий драма бўлиб қолди. 2019 йилда «Грей анатомияси» сериалининг 332-қисми эфир юзини кўриши билан «ER»нинг рекорди янгиланди. 1998 йилдан 2002 йилгача сериалнинг ҳар бир эпизодини «NBC» рекорд даражадаги нархда — 13 миллион, 2002 йилдан 2005 йилгача эса 9 миллион доллар билан ўзида ушлаб турди.

6. «Денгиз полицияси: махсус бўлим» («NCIS»). АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари департаменти ҳузуридаги жиноятларни тергов қилиш федерал агентлиги фаолиятига бағишланган телесериал 19 фасл, 415 эпизодни ўз ичига олади.

Фото: «CBS»

Сериал илк бор 2003 йил 23 сентябрда (бугун унинг «туғилган куни») «CBS» телеканали томонидан эфирга узатилган. 2021 йил 15 апрелда «CBS» телесериалнинг ўн тўққизинчи мавсуми ҳақида хабар берган эди.

7. «Грей анатомияси». Сезганингиздек, юқорида бу телесериал ҳақида эслаб ўтган эдик. У рейтингимизнинг еттинчи ўрнидан жой олди. Сериал тиббий, романтик, комедик драма ҳисобланиб, Шонда Раймс томонидан яратилган.

Фото: «Hotstar»

Сериал премьераси 2005 йил 27 мартда «АBС» телеканалида бўлиб ўтган. Бугунга қадар сериалнинг 18 фасл, 380 эпизодини тасвирга олишга улгурилди. Сериал «отахон» ва «ҳали ҳам тирик» телесериаллардан биридир — у бугунги кунда ҳам эфирга узатилади.

Сериал, айниқса, иккинчи ва учинчи мавсумларида бир қанча мукофотларга сазовор бўлган. 2006 йилда сериал «Энг яхши телесериал-драма» номинациясида «Олтин глобус» мукофотига сазовор бўлган, 2006 ва 2007 йилларда эса «Энг яхши драматик сериал» номинациясида «Эмми»ни олган.

Бундан ташқари, 2010 йилда сериал ярим соатлик эфир вақти учун 2,67 миллион доллар даромад келтириб, энг даромадли телекўрсатувлар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

8. «Ҳуқуқ ва тартиб». Юқорида мазкур сериалдан ажралиб чиққан «Махсус жиноятлар корпуси» ҳақида сўз борган эди. «Ҳуқуқ ва тартиб»нинг ўзи бугун саккизинчи ўринда.

Фото: «IMDb»

Америкалик киноижодкор Дик Вульф томонидан яратилган мазкур процессуал ва юридик телесериалнинг премьераси 1990 йил 13 сентябрда «NBC» телеканалида бўлиб ўтган. Телесериалнинг охирги қисми 2010 йил 24 майда эфирга узатилган. 20 йил «умр кўрган» телесериал 20 фасл, 456 эпизоддан иборат. Сериалнинг машҳурлик даражасини 2004 йил 14 сентябрда Нью-Йоркдаги йўллардан бирининг номи сериал шарафига «Law&Order Road» деб ўзгартирилганидан ҳам англаб олиш қийин эмас.

9. «C.S.I.: Жиноят жойи». Илк бор 2000 йил 6 октябрда «CBC» телеканалида намойиш этилган Лас-Вегас суд-тиббий лабораторияси иши ҳақидаги Америка телесериали Энтони Зайкер томонидан яратилган. 15 фасл, 335 эпизоддан иборат мазкур сериал 2002–2003 йилги мавсумдаги йиллик рейтингда биринчи ўринни эгаллаб, ўртача 26 миллион томошабин билан энг кўп кўрилган маҳсулотга айланган.

Фото: «Hulu»

2015 йил май ойида «CBC» рейтингнинг пасайиши ортидан сериалнинг тасвирга олиш ишлари якунланган. Шунга қарамай, канал воқеаларни якунлаш учун икки соатлик телевизион фильмга буюртма берган. Сўнгги қисм 2015 йил 27 сентябрда эфирга узатилган.

10. «Лесси». Лесси исмли ит, одамлар ва ҳайвонларнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи Америка телесериали Роберт Максвелл томонидан яратилган ва «СBС» телеканалида 1954 йил 12 сентябрдан 1973 йил 24 мартгача — 19 йил давомида эфирга узатилган.

Фото: «Global Screen»

Дастлаб қора ва оқ рангларда суратга олинган сериал 1965 йилда рангли форматга ўтган. Сериал 571 эпизодни ўз ичига олади. «Лесси» бошиданоқ танқидчилар томонидан юқори баҳоланган ва дастлабки йилларда иккита «Эмми» мукофотига сазовор бўлган. Бундан ташқари, 1956 йилда «Лесси» «Пибоди» мукофотига сазовор бўлган.

Бизда ҳозирча шулар. Бугунда қолинг. Яна рейтинглашгунча!