Сурхондарё вилояти «Айритом» чегара божхона постида машина юкхонасидан жанговар ўқдори топилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро Қ.Ҳ. бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Натижада машина юкхонасидаги сумкада жанговар ўқ-дорилар туркумига кирувчи, отиш учун яроқли бўлган 1 дона 9 миллиметр «Parabellum» номли жанговар патрон борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиядан Ўзбекистонга ўқ-дори олиб ўтмоқчи бўлган эркак ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда қурол ва ўқ-дори олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олингани ва Сурхондарёда «Калашников» ўқларини олиб ўтмоқчи бўлган хориж фуқароси ушлангани маълум қилинган.