Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 21 сентябрь куни Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Қирғизистон президенти мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланаётган кунларда амалга оширилган бу ташрифнинг аҳамияти ва муҳимлигини қайд этган. Шунингдек, у қардош ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаган. Томонлар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.

Қайд этилишича, Садир Жапаров дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тамойилларига асосланган Қирғизистон–Ўзбекистон муносабатлари юксак даражага етганини таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан президент икки томонлама ҳамкорликда 2021 йилнинг март ойида Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи муҳимлигини билдирган.

Қолаверса, Қирғизистон раҳбари Ўзбекистонда Президент сайловини муваффақиятли ўтказиб олишни тилаб, Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

У, шунингдек, Ўзбекистоннинг гендер сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шу жумладан, «Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти» ташаббусига юқори баҳо берган. Шу кунларда бўлиб ўтаётган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форумига муваффақият тилаб, бундай лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Таъкидланишича, Танзила Норбоева самимийлик ва меҳмондўстлик учун Қирғизистон томонига миннатдорлик изҳор қилган. Сенат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий табриги ва эзгу тилакларини етказган ҳамда Ўзбекистон раҳбари Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини билдириб ўтган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Баён қилинишича, суҳбат давомида томонлар юксак даражадаги келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва самарали парламент назоратини таъминлаш, икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик, шу жумладан, чегара ҳудудларининг маҳаллий муниципал кенгашларининг самарали алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, икки мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида яқин маданий-гуманитар алоқалар ва мулоқот учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратишнинг муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қирғизистон раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилганди. Шунингдек, Қирғизистон президенти Ўзбекистонга Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишни таклиф қилгани маълум қилинган.