Тошкент метрополитенидаги поездларнинг бирида 18 сентябрь куни эркак 13 ёшли қизга номақбул ҳаракатлар қилгани хабар қилинганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби қидирувдаги шахс қўлга олинганини маълум қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, соат 17:00 атрофида метрополитеннинг «Олмазор» бекатида Янгиҳаёт туманида яшовчи 13 ёшли А.Э.га нисбатан шахси номаълум эркак номақбул ҳаракатлар қилган. Мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилган.

Маълум қилинишича, қидирилаётган шахс қўлга олиниб, унинг Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро К.Ш. экани аниқланган. У илгари Жиноят кодексининг 166 (Талончилик), 169 (Ўғрилик) ҳамда 127- (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судлангани маълум бўлган.

Таъкидланишича, ҳозирда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан бу шахснинг ҳаракатларида вояга етмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноятининг аломатлари мавжудлиги текширилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда ҳайдовчи машинасига чиққан аёлларга тегажаклик қилгани, шунингдек, Тошкентда вояга етмаган ўғил боланинг номусига тегмоқчи бўлган такси ҳайдовчиси ушлангани маълум қилинган.