Тошкент шаҳар тез ёрдам хизматига сентябрь бошидан бери 74 мингдан зиёд чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, сентябрь ойи бошидан шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига бир кунда ўртача 3500 та чақириқ келиб тушган. Жами мурожаатлар сони эса 74 минг 260 тани ташкил этган. Таққослаш учун, 2020 йил сентябрь ойининг шу даврида бу рақам 52 минг 541 та эди.

Қайд этилишича, 12–21 сентябрь кунлари шаҳар «103» хизматига чақирувлар сони бирмунча ортиши кузатилган. Хусусан, шу даврда кунлик чақирувлар сони ўртача 3800 тани ташкил этиб, жами мурожаатлар 37 минг 435 тага етган. Шундан тана ҳарорати кўтарилган 12 минг 339 нафар ҳамда пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ва ПЗР тест мусбат натижа берган 1063 нафар кишига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, куз фасли кириб келиши билан грипп мавсуми бошлангани чақириқлар сонига таъсир кўрсатиб, уларни кўпайтиргани айтилган.

«Дарҳақиқат, куз келиши билан инсонларда турли мавсумий хасталиклар – грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ), нафас йўлларининг бошқа юқумли касалликлари кўп кузатилади. Натижада организмда иммунитет пасайиб, касаллик юқтиришга мойиллик янада ошади. Бу эса ўз-ўзидан беморлар сони ортишига ҳам сабаб бўлади.

Айтиш лозимки, мазкур ҳолат айни пайтда тез ёрдам хизмати фаолиятига ҳам таъсир этиб, чақирувлар сони ортишига сабаб бўлмоқда. Бунга эса сўнгги кунларда ‘103’ хизматига бўлаётган мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин», дейилган хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида тез ёрдамга бир кунда қанча чақириқ тушаётгани айтилган ва Ўзбекистонда йилнинг дастлабки ярмида тез ёрдамга қанча чақириқ келиб тушгани маълум бўлган.