Кинемотография агентлиги томонидан «Ўзбекфильм» киноконцернида ташкил этилган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали олдидан ОАВ вакиллари, мутахассислар, киноижодкорлар ва ёшлар учун матбуот анжуманида фестивалда 30 га яқин хорижиий мамлакатдан таниқли киноижодкорлар ташриф буюриши айтиб ўтилди.

Фото: Кинемотография агентлиги матбуот хизмати

Анжуман бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Кинемотография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳоликов томонидан очиб берилди. Сўзга чиққанлар фестивалда кутилаётган янгиликлар, фестиваль доирасида ташкил этилиши кутилаётган танловлар, янги ташкил этилаётган киноманзиллар ва таниқли юлдузлар билан ўтказиладиган учрашувларга батафсил тўхталиб ўтди.

Фото: Кинемотография агентлиги матбуот хизмати

Матбуот анжумани давомида кинофестиваль очилиш маросими Алишер Навоий номидаги киносаройида ташкил этилиши маълум қилинди. Шунингдек, фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Кинофестивалга тайёргарлик жараёнлари бошлаб юборилган бўлиб, ёш киноижодкорлар учун «Кино 5 кунда» ижодий танловига старт берилгани, хорижлик таниқли киноижодкорларнинг ташрифи, янгича кўринишда таъмирланган «Ўзбекфильм» киноконцерни ва бошқа локациялар очиқланди. 

Фото: Кинемотография агентлиги матбуот хизмати
Фото: Кинемотография агентлиги матбуот хизмати

Матбуот анжумани давомида хорижлик мутахассислар иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда қозоғистонлик продюсер Қўнан Адилбаев, италиялик вакил Ольга Страда, озарбайжонлик кинорежиссёр Руфат Гасанов, россиялик режиссёр ва продюсерлар Жаник Файзиев, Тимур Бекмамбетов, қозоғистонлик театр ва киноактёри Азамат Сатибалди ва бошқалар иштирок этди. Шунингдек, ZOOM платформаси орқали таниқли хорижлик ижодкорларнинг табриклари кўрсатилди.

Фото: Кинемотография агентлиги матбуот хизмати

Анжуман давомида ОАВ вакиллари кинофестиваль билан боғлиқ саволларига ташкилотчилар томонидан жавоб олди. Маълумот учун, «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали 28 сентябрь–3 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Аввалроқ фестивалда россиялик режиссёр ва продюсер, голливуд кино оламида машҳур ижодкор Тимур Бекмамбетов ҳам иштирок этиши кутилаётгани хабар қилинганди.