Янгиликлар - 16:02 · 23.09.2021

Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган уй эгасига ҳукм ўқилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 27 февраль куни 5 нафар талабанинг мурдаси топилгани хабар қилинганди. Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси Темур Ҳасанов айбланувчига ўқилган суд ҳукми юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, судланувчи аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни ҳаёт учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган уйига ижарага қўйган. Қайд этилишича, хонадон «Ҳудудгаз пойтахт» МЧЖнинг туман филиали ходимлари томонидан текширилган. Улар иситиш печининг дудбўрони носозлиги: тортмаётгани, чиригани сабабли қайта уланмаслиги, газ идорасининг масъул ходими томонидан иситиш печи дудбўронининг созлиги текширилгандан сўнггина газни иситиш печига ёқиш шартлиги ҳақида огоҳлантирган. Бироқ уй эгаси ижарада яшовчи талабаларга газ идораси ходими билан телефон орқали гаплашиб, ундан оғзаки равишда рухсат олганини айтган ва талабаларнинг ўзига дудбўронни созлашга рухсат берган.

Шунга кўра, ижарачилар ўзлари билганича ертўлада жойлашган печь дудбўронининг қувурларини тўлиқ тозаламай, иситиш печига газни ёқиб, ижара уйининг хоналарини иситиб келган. Бу орқали уй эгаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган 2-иловаси 139-қисмининг бир қанча бандлари қоидаларини бузган. Оқибатда ижарада яшовчи 5 нафар ижарачининг мурдалари номаълум этиологик моддадан заҳарланиш ташхиси билан топилган.

Республика Суд-тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги сабаб бўлган. Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, уйнинг хоналарида ўрнатилган газ ускуна ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускуна ва жиҳозлари ўрнатиш техник талабларига жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбўронлари ёниш маҳсулотларини чиқиш йўналишлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида уй эгасига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Унда судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 2-қисми билан айбдор деб топилган ва унга шу модда билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани тушунтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юнусободда 5 нафар талабанинг ўлимидан сўнг бош вазир ўринбосари йиғилиш ўтказгани хабар қилинганди. Шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган «Ҳукумат соати»да талабаларни турар жойи билан таъминлаш масаласида маълумот берган.