Тошкент шаҳри Учтепа туманида 12 сентябрь куни болаларининг келишмовчилиги сабаб икки оила ўртасида жанжал содир бўлганди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан суриштирув ўтказилиб, тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилганди. Таъкидланишича, ҳозирда айрим шахслар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур маиший зиддиятни миллатлараро низо сифатида кўрсатишга уринмоқда.

«Ушбу низо айрим деструктив кайфиятдаги фуқаролар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари томонидан худди-ки миллатчилик асосига эгадек кўрсатиб тарқатилиши Ўзбекистоннинг ‘Жамоат назорати тўғрисида’ги қонуни талабларининг бевосита бузилиши ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, миллий, ирқий, этник ёҳуд диний масалаларда адоватни қўзғатувчи ахборотларни тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади», дейилади изоҳда.

Аввалроқ Тошкентда болалар ўртасидаги келишмовчилик сабаб 35 ёшли эркак 11 ёшли болани ургани маълум қилинган. Шунингдек, Тошкентда йигит кар-соқов қизни дўппослагани хабар қилинган.