Янгиликлар - 15:07 · 26.09.2021

Ироқда Исроил конференциясида қатнашганларни ҳибсга олиш буюрилди

Ироқ суд кенгаши Курдистонда ўтказилган Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича конференция иштирокчиларини ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда кенгаш баёнотига таяниб, «Times of Israel» хабар берди.

Фото: «theconversation.com»

Маълум қилинишича, Бағдод туманидаги ал-Кархда бўлган биринчи тергов суди камида учта конференция иштирокчисини ҳибсга олишга ордер берган.

«Қолган иштирокчиларга нисбатан уларнинг тўлиқ исм-шарифи аниқлангач, суд чоралари кўрилади», дейилган хабарда.

Таъкидланишича, 24 сентябрь куни Эрбилда «Тинчлик ва тикланиш» деб номланган конференция бўлиб ўтган, унда Ироқнинг олти вилоятидан келган қабилалардан 300 дан ортиқ сунний ва шиа раҳбарлари иштирок этган. Якуний ҳужжатда иштирокчилар Ироқ ҳукуматини БАА, Баҳрайн, Марокаш ва Судан томонидан имзоланган Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш учун Иброҳим битимига қўшилишга чақирган.

Ироқ ҳукумати эса конференцияни «Эрбилда яшовчи қабила вакилларининг ноқонуний йиғилиши» дея атаб, уларнинг талабини қабул қилиб бўлмайдиган деб эълон қилган. Ҳукумат, шунингдек, конференция иштирокчиларини муддатидан олдин сайловлар арафасида жамиятда низо яратишга уринишда айблаган.

Ироқнинг Курдистон Ички ишлар вазирлиги мухторият маъмурлари бу конференция ўтказилишидан хабардор эмаслигини айтган.

Аввалроқ Ироқ Туркиядан замонавий қуроллар сотиб олишни режалаштираётгани ва Ироқда ИШИД жангарилари полициячиларга ҳужум қилгани маълум қилинган.