17:23 | 26.09.21 44

Россияда ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиси иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Ҳодиса оқибатида 2 кишига бош миянинг ёпиқ шикастланиши ташхиси қўйилган

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Колпинский туманида 24 сентябрь куни ўзбекистонлик автобус ҳайдовчиси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Фото: «Турпром»

Маълум қилинишича, воқеа содир бўлган кун соат 15:30 атрофида Танкистов ва Пролетарский кўчаси кесишмасидаги тартибга солинган чорраҳада 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси «ПАЗ» автобусини бошқариб, чапга бурилиш пайтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган «Toyota» билан тўқнашган. Мазкур автомобилни 44 ёшли эркак бошқарган.

Оқибатда автобуснинг уч йўловчиси тан жароҳати олган. Жумладан, 16 ёшли ўсмирга мия чайқалиши ва бурун суякларининг ёпиқ синиши ташхиси қўйилган, 41 ёшли аёлга бош миянинг ёпиқ шикастланиши, мия чайқалиши қайд этилиб, касалхонага ётқизилган. Шунингдек, 45 ёшли аёл ёпиқ мия шикастланиши, мия чайқалиши ташхиси билан тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг қониқарли ҳолатда амбулатория даволанишига юборилган. Ҳозирда йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик йигитлар ўғирлаган машинасида ЙТҲга учрагани маълум қилинганди. Шунинингдек, Россияда ЙТҲ оқибатида ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлгани хабар берилган.