Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати қўмондонларидан бирига қарши «ов» эълон қилди
Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати қўмондонларидан бири Қори Фосиҳуддинга қарши «ов» эълон қилди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, айни пайтда ҳаракат томонидан тузилган ҳукумат бош штаби бошлиғи вазифасини бажараётган Қори Фосиҳуддинга қарши Саланг довонида пистирма уюштирилган. У олиб кетилаётган машиналар ўққа тутилган, Қори Фосиҳуддин эса жароҳат олмаган. Аммо баъзи манбалар унинг оғир яралангани ҳақида хабар берган.
Маълумотларга кўра, қўмондонга қилинган ҳужум фақат бошланиши бўлиб, Аҳмад Масъуд тарафдорлари «Толибон» ҳаракати раҳбариятидаги асосий шахсларни йўқ қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бироқ бу маълумот ҳозирча тасдиқланмаган.
Маълумот ўрнида, Қори Фосиҳуддин «Толибон» ҳаракати қўмондонларидан бири бўлиб, «Шимол фатҳчиси» номи билан танилган ва Панжшер водийсини эгаллаш операциясини бошқарган.
Аввалроқ Тожикистон президенти Панжшер юзасидан дунё давлатларига мурожаат қилгани ва Тожикистон президенти Аҳмад Масъуднинг отасини орден билан мукофотлагани маълум қилинган.