Янгиликлар - 16:44 · 28.09.2021

Ойнинг юқори аниқликдаги сурати намойиш этилди — фото

Америкалик олимлар янги телескоп тизими ёрдамида Ердан олинган Ойнинг энг юқори аниқликдаги тасвирини намойиш этди. Бу ҳақда «Sciencealert» хабар берди.

Фото: «Jetan’s Space»

Маълум қилинишича, тасвирлар Америка Миллий илмий жамғармасининг «Green Bank» расадхонаси томонидан чоп этилган. Расадхона телескопи Ғарбий Виржинияда жойлашган ва дунёдаги энг катта тўлиқ бошқариладиган радио телескоп саналади. Қурилма 2021 йил Ердан юқори аниқликдаги тасвирларни олиш учун ишлатиладиган янги радар узатгич билан жиҳозланган.

Таъкидланишича, Ой расмида Тихо кратерини кўриш мумкин. Тасвир юз минглаб километр масофадан олинган бўлса-да, уни кўрганлар ўзини сунъий йўлдош юзаси бўйлаб учгандай ҳис қилиши айтилган. Расм ўлчамлари беш метрга беш метр бўлиб, тахминан 1,4 миллиард пикселга эга.

Фото: «public.nrao.edu»

Аввалроқ Ойдаги энг машҳур кратер Ердан янги технология ёрдамида суратга олингани ва NASA юлдузларнинг мусиқий товушини намойиш қилгани маълум қилинган.