Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 13 сентябрь куни «Lacetti» ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати ходимини машина капоти устида судраб кетгани хабар қилинганди. Бош прокуратура матбуот котиби ҳайдовчи қамоққа олинганини маълум қилди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

ЙПХ ходими йўлнинг қатнов қисмига тўхтаган «Lacetti» ҳайдовчисига тўхташ қоидасини бузганини айтиб, ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Ҳайдовчи эса ходимга қаршилик кўрсатиб, машинани инспекторнинг устига ҳайдаган. Шунингдек, ходим қочишга улгурмаган ва автомобилнинг капот қисмида осилиб қолган.

Маълум қилинишича, Қумқўрғон туманида ЙҲХБ инспекторига қаршилик кўрсатиб, автомашинада судраб кетган ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятида ўтказилган тунги рейд давомида ҳайдовчи ЙПХ ходимини машинасида судраб кетгани маълум қилинганди. Шунингдек, Фарғонада ҳайдовчи ундан ҳужжатларини сўраган «ГАИ»ни машина капотида судраб кетгани хабар қилинган.