Тошкент вилоятида ўқотар қуролни ноқонуний сақлаб келган шахсга жиноят иши қўзғатилди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўқотар қуролни ноқонуний равишда сақлаб келган шахсга жиноят иши очилди. Бу ҳақда вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 13 cентябрь куни Чирчиқ шаҳрида хизмат олиб бораёган ички ишлар ходимлари 1995 йилда туғилган Б.А. ўқотар қуролни топиб олиб, ноқонуний равишда сақлаб юрганини аниқлаган. Қурол эски ғишт уюмлари орасидан топилган ва холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Ўтказилган судга оид баллистик экспертизанинг хулосасига кўра, «мазкур қурол 1943 йилда завод усулида тайёрланиб, 7,62 миллиметр ўқ отиш учун мўлжалланган ТТ (Тулский Токарева) пистолети экани ҳамда нарезли жанговар қуроллар туркумига кириши» аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан, Чирчиқ шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 248-моддаси (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Тошкентда 57 ёшли эркак уйида тўппонча сақлаб келгани аниқланганди. Шунингдек, Тошкентда 2 минг долларга қурол сотаётган йигит ушланган.