18:39 | 29.09.21 44

АҚШ ҳукумати ўз тарихида биринчи марта дефолт эълон қилиши мумкин

Мамлакат Молия вазирлиги пулсиз қолиши мумкинлиги таъкидланган

АҚШ молия вазири Жанет Еллен 18 октябрга қадар вазирлик пулсиз қолиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Financial Times»

Маълум қилинишича, Сенатнинг навбатдаги йиғилишида вазир Конгресс 18 октябргача қонуний қарз чегарасини кўтармаса вазирлик умуман пулсиз қолиши мумкинлигини, бу ўз навбатида, мамлакатда дефолт эълон қилинишига сабаб бўлишини айтган.

«Бу санадан кейин мамлакатнинг барча мажбуриятларини бажаришни давом эттира оламизми ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Бу Америка иқтисодиёти, глобал молия бозори ва кечиктирилган тўловлар туфайли молиявий хавфсизлигига таҳдид соладиган миллионлаб оилалар ва ишчилар учун ҳалокатли бўлиши мумкин», — деган вазир. Маълум бўлишича, АҚШ федерал ҳукумати ҳозирда 28,4 триллион доллар қарздор.

Маълумот ўрнида, АҚШ ҳукумати бошқа қарз ололмаслиги маълум бўлганди. Таъкидланишича, АҚШда 2019 йил август ойида Конгресс томонидан тўхтатилган қарз лимити яна амал қилишни бошлаган. Икки йил олдин федерал қарз чегараси вақтинча 22 триллион доллар қилиб белгиланган. Ҳозиргача ҳукуматга, бу чекловга қарамасдан, бюджет тақчиллигини қоплаш учун зарур ҳолларда бозорда қарз олишга рухсат берилганди. Энди эса бу «имтиёз»нинг муддати тугади: давлат қарзи бўйича чегара яна кучга кирди.

Таъкидланишича, икки йиллик музлашдан кейин лимит 22 триллион доллар миқдорида ўрнатилган, лекин унга 2019 йил августидан бери тўпланган қарз ҳам қўшилган. Юқори чегара ҳозир 28,5 триллион долларни ташкил этади. АҚШнинг ҳақиқий давлат қарзи ҳам айни пайтда деярли шунча ҳисобланади. 2021 йил 29 июль ҳолатига кўра, АҚШнинг умумий давлат қарзи 28,5 триллион доллардан бир оз камроқ бўлиб, ҳукумат давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш орқали қарз йиғиш қобилиятини йўқотган (улар фақат сотиб олинган қимматли қоғозларни қайта молиялаштириши мумкин).

Давлат қарзи чегараси масаласини ҳал қилиш учун Конгресс чегарани яна музлатиши ёки уни маълум даражага кўтариши керак. Агар мавжуд чоралар тугаса ва давлат қарзи чегараси кўтарилмаса ёки тўхтатилмаса, октябрь ёки ноябрь ойларида АҚШ ҳукумати одатдаги харажатлар мажбуриятларини бажара олмайди ва назарий жиҳатдан давлат қимматли қоғозлари дефолтига йўл қўйиши мумкин.

Аввалроқ Трампнинг солиқ декларациялари АҚШ Конгрессига тақдим этилиши айтилган. Шунингдек, АҚШ нима учун Хитойдан ўзиб кетиши кераклиги маълум қилинганди.