
Ўзбекистонда 10 дан ортиқ букмекерлик сайтлари блокланди
Ўзбекистонда 10 дан ортиқ ноқонуний сайтларга кириш чекланди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги соҳада бир қатор ишлар олиб бормоқда. Таъкидланишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар), шунингдек, Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ноқонуний ҳисобланади.
Шу билан бирга, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади. Шу сабабли агентлик қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятига чекловлар жорий этилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
