Самарқандда эркак ярашишни рад этган аёли ва қайноғасини пичоқлади
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эркак ярашишни таклиф қилган аёли ва қайноғасини пичоқлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан қарздор А.Б. қарамоғидаги икки нафар фарзандини турмуш ўртоғи З.Б. тарбиясига олиб бериш белгиланган. Ижро ҳужжати бўйича жавобгар ҳисобланган А.Б. 28 сентябрь куни давлат ижрочиси Ф.Б.га бир неча марта қўнғироқ қилиб, болаларни турмуш ўртоғи — даъвогар З.Б. га ихтиёрий равишда топшириши ва у билан ярашишга қарор қилганини билдириб, хонадонига давлат ижрочилари ҳамда турмуш ўртоғини таклиф қилган.
Манзилга давлат ижрочилари ҳамда З.Б. етиб келгач, қарздор А.Б. у билан бирга яшашни таклиф қилган, лекин З.Б. бу таклифни рад этади. Шунда А.Б. жанжал кўтариб, хонадонидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, З.Б. ни чап сон ва ўнг қовурға соҳаларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг А.Б. жанжал вақтида, тинчлантиришга ҳаракат қилган, З.Б. нинг акаси Т.Н. га ҳам ошхона пичоғи билан жароҳат етказган. Оқибатда З.Б. ва Т.Н. Каттақўрғон шаҳри тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, Т.Н. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Б. гумонланувчи тариқасида ушланган.
Аввалроқ Сурхондарёда эр рашк сабаб хотинини пичоқлаганди. Шунингдек, Қашқадарёда йигит севгилисининг эрини пичоқлаб ўлдирган.