Тошкентда бўлиб ўтаётган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивалидан илҳомланиб, ушбу ҳафталик рейтингимизни жаҳоннинг энг машҳур кинофестивалларига бағишладик. Хўш, дунёнинг энг мушҳур ўн кинофестивали қайсилар?

1. Халқаро Канн кинофестивали («French Festival international du film de Cannes») — ҳар йили май ойи охирида Франциянинг Канн курорт шаҳарчасида ўтказиладиган кинофестиваль. Халқаро кинорежиссёрлар уюшмалари федерацияси (FIAPF) томонидан 15 та рақобатбардош бадиий фильм фестивали орасида аккредитациядан ўтган Канн кинофестивали дунёдаги энг қадимгилардан бири саналади. Фестивалга 1939 йилда асос солинган бўлиб, биринчи марта 1946 йилда ўтказилган.

Фото: «Alamy»

Кинофестивалнинг энг асосий мукофоти энг яхши фильм учун «Олтин пальма» («Palma D’or») мукофотидир. Бундан ташқари, фестиваль доирасида Гран-при, Ҳакамлар ҳайъати мукофоти, Энг яхши режиссёр учун, Энг яхши сценарий учун, Энг яхши актёр учун, Энг яхши актриса учун, Қисқа метражли фильм учун «Palma D’or», Энг яхши дебют учун «Олтин камера» каби мукофотлар бор.

2. Венеция халқаро кинофестивали («Mostra Internazionale d'Arte Cinematografica») — дунёдаги энг қадимги халқаро кинофестиваль. 1932 йилда итальян сиёсатчиси Бенито Муссолини ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи марта шу йилнинг 6–21 август кунлари ўтказилган. Фестиваль 1934 йилдан бери Венециянинг Лидо оролида йилнинг иккинчи ярмида (асосан, август–сентябрь ойларида) ўтказилади.

Фото: «Pinterest»

Кинофестивалнинг бош мукофоти «Олтин шер» мукофотидир. Яна бир маълумот, фестиваль учун чипталар нархи 1,6 минг еврогача етади.

3. Берлин халқаро кинофестивали («Internationale Filmfestspiele Berlin») — ҳар йили ўтказиладиган машҳур халқаро кинофестиваль, 1951 йилдан бери Берлин шаҳрида ўтказилиб келинади.

Фото: «DW»

Бош соврин — «Олтин айиқ» мукофоти. 1978 йилгача ёз ойларида ўтказилган фестиваль шу йилдан бошлаб февраль ойига кўчган. Канн кинофестивалидан фарқли ўлароқ, Берлин кинофестивалида илғор геосиёсий кинематографияга эътибор қаратилади. Ҳакамлар ҳайъати фестиваль дастурига дунёнинг турли бурчакларидан, жумладан, собиқ «Шарқий блок» мамлакатлари фильмларидан жой олганига алоҳида эътибор берадилар. Премьералар «Berlinale» саройида бўлиб ўтади. Фестиваль директори Дитер Косслик ҳисобланади.

4. Торонто халқаро кинофестивали — 1976 йилдан буён Торонто (Канада)да ҳар йили ўтказиладиган кинофестиваль. Фестиваль, одатда, сентябрь ойининг пайшанба куни кечқурун Канада меҳнат кунидан кейин бошланади (сентябрнинг биринчи душанбаси) ва ўн кун давом этади. Фестиваль 1976 йилда «фестиваллар фестивали» сифатида пайдо бўлди, яъни унда бошқа фестиваллардан фильмлар тўплами намойиш этилди ва вақт ўтиши билан энг йирик кинофестиваллардан бирига айланди.

Фото: «Destination Toronto»

2007 йилда танловга 4156 та фильм юборилган, улардан 349 таси (55 мамлакатдан келган) танлаб олинган ва 19 та дастур доирасида кўрсатилган. Бошқа кўплаб кинофестиваллардан фарқли ўлароқ, фестивалда расмий ҳакамлар ҳайъати йўқ ва унинг бош мукофоти томошабинлар овози натижалари бўйича бериладиган «Халқ танлови» мукофотидир.

5. «Санденс» («Sundance») кинофестивали — Америка миллий мустақил кинофестивали ҳисобланиб, ҳар йили январь ойининг охирида АҚШнинг Юта штати Парк-Сити шаҳрида ўтказилади. Кинофестиваль ташкилотчиси — Санденс институти.

Фото: «Sundance Film Festival»

Институт 1981 йилда актёр Роберт Редфорд ва унинг бир гуруҳ дўстлари томонидан мустақил Америка киносининг пайдо бўлиши учун шароит яратиш мақсадида ташкил этилган. Кинофестиваль Редфорд роль ижро этган «Butch Kessidi va Sandens Kid» фильми қаҳрамони шарафига номланган. 1981 йилнинг баҳорида ўнта режиссёр биринчи Санденс институтига таклиф қилинди, улар институтнинг ижодий лабораторияларида етакчи сценарий муаллифлари ва режиссёрлари билан учрашди, мустақил сценарий муаллифлари ва кино ижодкорларига кадрларни ёзиш, суратга олиш ишларида ёрдам берди. Институт дастурига ҳар йили январь ойининг охирида ўтказиладиган «Санденс» фестивалини ўтказиш киради. Биринчи халқаро «Санденс» фестивали 1985 йилда Парк-Сити шаҳрида бўлиб ўтган.

6. «Трайбека» кинофестивали («Tribeca Film Festival») — АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган халқаро кинофильмлар танлови. 2002 йилда Роберт Де Ниро, Жейн Розентал ва Крейг Хаткофлар томонидан 2001 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумларга режиссёрлар жавоби сифатида асос солинган.

Фото: «Daily News Egypt»

Фестивалнинг асосий вазифаси киноижодкорларнинг жамият онгига таъсирини қайта кўриб чиқиш ва мустақил кинони оммалаштириш ҳисобланади. «Трайбека» фестивали ғолиблари фестиваль асосий ғояси руҳида ўрнатилган анъанага кўра, катта пул ёки бошқа турдаги моддий мукофот билан тақдирланмайдилар. Ҳатто энг нуфузли номинация ғолиблари ҳам 5, 15, 25 минг АҚШ доллари, дунёнинг исталган нуқтасига иккита бизнес-класс авиачиптаси, 2000 метрли юқори сифатли профессионал кинолента ва махсус компьютер ускуналаридан иборат совғалар мажмуи билан кифояланади. Ҳар баҳорда Нью-Йоркда ушбу фестивални кўриш учун тахминан 150 минг томошабин йиғилади. Йилнинг энг катта воқеаларидан бири сифатида у 600 дан ортиқ намойишга мезбонлик қилади.

7. «South by Southwest» (SXSW) — ҳар йили март ойининг ўрталарида АҚШнинг Техас штати Остин шаҳрида ўтказиладиган бир қатор мусиқа, кино ва медиа фестиваллари ва конференцияларини ўз ичига олган йиллик тадбир. Фестиваль 1987 йилдан бери ўтказилиб келинади ва 10 кун давом этади.

Фото: «ABC News»

Фестивалга SXSW Inc мезбонлик қилади, у конференциялар, кўргазмалар, фестиваллар ва бошқа тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш вазифасини ўз зиммасига олади. Фестиваль давомида ўтказиладиган SXSW киноконференцияси барча даражадаги киноижодкорларни қабул қилади. Конференция дастурида асосий маърузачилар маърузалари, мунозара клублари, семинарлар, таниқли мутахассислар ва кино саноати раҳбарлари иштирокидаги сессиялар мавжуд. Конференция билан бир вақтда ўтказиладиган кинофестивалда инновацион кино ва кадрлар ортида янги истеъдодларни излашга эътибор қаратилади. Фестивалда, асосан, мустақил продюсерлар, ўзига хос тасаввурга эга янги истеъдодли режиссёрлар фильмлари намойиш этилади. 2018 йилда фестивалда 8183 та ариза ичидан танлаб олинган 136 та бадиий фильм иштирок этган.

8. Лондон кинофестивали («BFI London Film Festival») — Буюк Британиядаги энг йирик ва нуфузли халқаро кинофестиваллардан бири. У 1956 йилдан буён ҳар йили октябрь ойининг иккинчи ярми-ноябрь ойининг бошларида Лондонда ўтказилади.

Фото: «NME»

Кинофестивалнинг бош соврини «Sazerlend Trofi» энг оригинал дебют фильмларга берилади. Фестиваль ташкилотчиси машҳур «The Times» газетаси бош ҳомийси бўлган Британия кино институти ҳисобланади. Ҳар йили кинофорум дунёнинг 50 мамлакатидан 300 дан ортиқ ҳужжатли ва қисқа метражли фильмларни танлаб олади.

9. Гонконг халқаро кинофестивали (HKIFF) — Осиёдаги энг қадимий халқаро кинофестиваллардан бири. 1976 йилда ташкил этилган мазкур фестивалда турли мамлакатлардан келган фильмлар, киноижодкорлар иштирок этади.

 Фото: «Pinterest»

Кинофестивалда ҳар йили дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан 230 га яқин фильм намойиш этилади. Янги фильмлар гала-премьералар сифатида намойиш этилади, бунда режиссёрлар ва актёрлар қизил гилам устида чиқиш қилади.

10. Халқаро Роттердам кинофестивали (IFFR) — ҳар йили Голландиянинг Роттердам шаҳридаги турли кинотеатрларда ўтказиладиган фестиваль. Йўлбарс тасвири фестиваль талисмани сифатида ишлатилади. Фестиваль илк маротаба 1972 йил июнь ойида Хуберт Балз раҳбарлигида ўтказилган. Унда, асосан, Шарқий Осиё ва ривожланаётган мамлакатлар кинематографиясига устувор аҳамият бериб, нотижорат кинофильмларга эътибор қаратилади. 1980 йилларнинг ўрталарида фестиваль молиявий қийинчиликларни бошдан кечирди ва кейинчалик улар бартараф этилди. 2007 йилда фестивалга ташриф буюрувчилар сони 367 мингга етди.

Фото: «Rotterdam Festival»

Маълумот ўрнида, 1988 йилда фестиваль асосчиси вафотидан сўнг ривожланаётган мамлакатлар кино ижодкорларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси – Хуберт Балз жамғармаси ташкил этилган.

Бизда ҳозирча шулар. Бир неча йиллардан кейин «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалини ҳам шундай йирик кинофестиваллар сафида турли рейтингларда учратиб қолсак, ажаб эмас. Яна рейтинглашгунча!