Янгиликлар - 16:01 · 30.09.2021

Россия Қозоғистонда АЭС қуришга тайёр экани маълум қилинди

Россия Қозоғистонда атом электр станциясини қуришга тайёр экани маълум қилинди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Таъкидланишича, давлат раҳбари бу бўйича Россия ва Қозоғистон минтақаларининг онлайн форумида айтиб ўтган.

«Россия, агар шундай қарорлар қабул қилинса, шерикларимизга, жумладан, қозоғистонликларга Россия дизайнида атом электр станцияларини қуришда ва ишлатишда ёрдам ҳамда кўмак беришга тайёр», — деган Россия президенти.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Россия бу таклиф фақат атом электр станцияси қурилиши билан чекланмаслигини таъкидлаган.

«Биз атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ янги мутахассисликлар бўйича Россия олий ўқув юртларида кадрлар тайёрлашни ўз ичига оладиган бутун саноатни яратиш ҳақида сўз юритяпмиз», — дея қўшимча қилган у.

Аввалроқ Япониядаги «Фукусима-1» АЭСида радиактив чиқиндилар сизиб чиққани қайд этилганди. Шунингдек, Фукусима шаҳрида иккинчи марта зилзила содир бўлгани маълум қилинган.