Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри туғуруқхонасида 1 октябрь куни 3 нафар эгизак дунёга келди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Фото: Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати
Маълум бўлишича, чақалоқларнинг онаси Шаҳло Ҳусанова 30 ёшда, вилоят тери-таносил шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Отаси — Искандар Муродов 37 ёшда, Миллий гвардия ходими.
Эгизаклардан бирининг вазни 2,1, иккинчисиники 2,4 ва учинчисиники 2,2 килограмдан иборат. Ота-онаси чақалоқларга Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган. Айни пайтда оиладаги болалар сони 5 нафарга етган. Бунгача Муродовларнинг бир ўғил, бир қизи бўлган.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида яшовчи оилаларнинг бирида 4 нафар эгизак туғилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида олти нафар эгизак туғилгани ҳақидаги хабарга ойдинлик киритилган.